Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

02 Октябрь 2024

“Invest Group Centre” МЧЖ устав капиталидаги давлат улушининг очиқ савдо жараёни бошланганлиги тўғрисида эълон

Тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, Давактив агентлиги “Invest Group Centre” МЧЖ устав капиталидаги 100 фоиз давлат улушини (кейинги ўринларда – Актив) профессионал консультант жалб қилган ҳолда очиқ савдо жараёнлари бошланганлигини эълон қилади.

“Portfolio Investments” компанияси (кейинги ўринларда – Консультант) ушбу хусусийлаштириш жараёнини илғор халқаро тажриба асосида амалга ошириш учун Давактив агентлигининг хусусийлаштириш бўйича консультанти сифатида танлаб олинди.

Актив тўғрисида қисқача маълумот:

“Invest Group Centre” МЧЖ - 2008 йилда ташкил этилган бўлиб, турли хил спорт турларини шуғулланиш учун мўлжалланган спорт иншоотларини бошқариш фаолияти билан шуғулланади.

  • Устав фонди: 4,11 млрд сўм;
  • Жамият Тошкент шаҳри, Мирзо-Улуғбек тумани, Оққўрғон кўчаси 16-уй манзилида жойлашган.
  • Спорт-соғломлаштириш мажмуаси, очиқ ва ёпиқ турдаги сузиш ҳавзалари, спорт машғулотлари ўтказиш учун спорт заллари, футбол майдонлари, сунъий қопламали мини футбол майдони ҳамда тенис кортини бошқариш билан шуғулланади.

Сотиш жараёни тўғрисида:

Сотиш жараёни барча манфаатдор томонлар (кейинги ўринларда – Иштирокчилар) учун очиқ бўлган музокараларга оммавий равишда таклиф қилиш усули асосида ташкил этилади.

Савдо жараёни икки босқичда амалга оширилади, жумладан сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш (Express of interest) ҳамда Мажбуриятга эга бўлган таклиф (BO) тақдим этиш босқичлари.

Активни сотиб олишга ва унинг кейинги фаолиятига қўйиладиган шартлар:

  1. Актив ва унинг балансидаги спорт-соғломлаштириш мажмуасининг фаолият турини камида 10 (ўн) йил муддат сақлаб қолиш;
  2. Актив балансидаги спорт-соғломлаштириш мажмуаси ҳудудида спорт-соғломлаштириш фаолиятига тўғри келмайдиган бино-иншоотларнинг қурилишига йўл қўймаслик (таъмирлаш ишларидан ташқари), объект ҳудудида ҳар қандай таъмирлаш-тиклаш ишларини қатъиян шаҳарсозлик кенгашининг рухсати билан амалга ошириш.

Сотув жараёнининг Сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш (Express of Interest) босқичини амалга ошириш тўғрисида:

Иштирокчилардан қуйидаги маълумотлар билан Актив бўйича сотиб олиш юзасидан қизиқиш билдириш тўғрисидаги аризаларини (Express of interest) тақдим этишлари сўралади:

1. Талабгор жисмоний шахс бўлганда: паспорт/ID карта нусҳаси, Активни сотиб олиш учун молиявий имконияти тўғрисидаги маълумотлар;

2. Талабгор юридик шахс бўлганда:

  • корхона/фирма тўғрисида маълумотлар, шу жумладан таъсис ҳужжатлари (устав)ва фаолият гувоҳномаси нусҳаси, СТИР маълумоти;
  • таъсисчиси/иштирокчиси, акциядори бир нафардан кўп бўлган ҳолларда 5 фоиздан ортиқ улуши мавжуд таъсисчи/иштирокчи/акциядорининг улушини кўрсатган ҳолда уларнинг ҳар бири ҳамда якуний бенефициари тўғрисида маълумот;
  • охирги 3 йиллик молиявий ҳисоботи нусҳаси (ташкил топганига 3 йилдан кам бўлган ҳолларда, ташкил топган даврдан бошлаб фаолияти давридаги молиявий ҳисоботи нусҳаси).

Талабгорлар қизиқиш билдириши тўғрисидаги аризаларини хоҳишларига кўра ўзбек, рус ёки инглиз тилларида тайёрлаб 2024 йил 1 ноябрь соат 18:00га (Тошкент вақти билан) қадар munir.yakubov@piamg.uz электрон почта манзилига юборишлари лозим.

Ушбу савдо босқичи доирасида, Консультант томонидан потенциал инвесторларни жалб қилиш мақсадида инвестиция тизерларини тарқатиш ишлари амалга оширилади.

Қабул қилинган аризалар қуйидаги мезонлар бўйича сараланади:

  • Активни сотиб олиш учун молиявий ресурсларининг етарлилиги;
  • давлат иштирокидаги корхона бўлмаслиги (устав фондидаги (устав капиталидаги) давлат улуши миқдори 50 фоиздан ортиқ бўлган хўжалик жамияти ёхуд устав фондидаги (устав капиталидаги) давлат улуши миқдори хўжалик жамиятининг бошқа ҳар бир акциядори (иштирокчиси) улушига нисбатан кўп бўлган хўжалик жамияти, шунингдек давлат унитар корхонаси);
  • хусусийлаштириш жараёнида иштирок этишини таъқиқлаши мумкин бўлган маъмурий, ҳакамлик ёки бошқа суд жараёнларининг йўқлиги;
  • Ўзбекистон Республикасининг 660-II-сонли “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни талабларига риоя этилиши;
  • Талабгор (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири) ва унинг акциядорлари/иштирокчиларининг ҳеч бири давлат компанияси ёки устав капиталида давлат улуши бўлган компания бўлмаслиги керак;
  • Талабгор (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири) ва унинг тегишли шахсларидан ҳеч бири Европа Иттифоқи ва АҚШнинг, шунингдек йирик халқаро молия институтларининг (Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки) санкциялари рўйхатига киритилмаган бўлиши лозим. Шу билан бирга, ариза топширилган санада талабгорлар санкцияланган шахс/(лар) ёки юқорида айтиб ўтилган санкция органлари томонидан ҳар қандай иш ёки тергов объекти/(лар) бўлмаслиги керак. Шунингдек, талабгорлар (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири) ва унинг тегишли шахсларидан ҳеч бири юқорида айтиб ўтилган муассасалар ва давлатларнинг санкциялар режимига зид бўлган ҳар қандай фаолиятга (тўғридан-тўғри ёки бирон бир шўба корхонаси орқали) жалб этилмаган бўлишлари лозим ва Талабгор (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири), шунингдек унинг тегишли шахсларидан бирортасининг асосий молиялаштирувчи томонлари ёки кредиторлари санкциядаги шахслар ёки санкциядаги шахсларга тегишли бўлган ёки улар томонидан эгалик ва назорат қилинадиган банклар ёки молия институтлари бўлмаслиги лозим.

Ушбу лойиҳа доирасида қўшимча маълумотлар учун қуйидаги алоқа каналларига мурожаат қилинг:

  • Мунир Якубов, “Portfolio Investments” компанияси директори: munir.yakubov@piamg.uz, tel. +998(90) 901-65-59.
  • Шохрух Охунов, Давактив агентлиги департамент бошлиғи: tender@davaktiv.uz, тел. +998(71) 259-20-23.

Ўз навбатида, Мажбуриятга эга бўлган таклиф (BO) босқичига ўтган талабгорлар билан мажбуриятга эга бўлган таклифларни тақдим этишларидан аввал таклиф этиладиган қатъий нарх таклифининг камида 1 фоизини кафолатли тўлов (закалат) сифатида амалга оширилиши белгиланади.

Сотиш жараёнининг барча босқичларининг натижалари бўйича Давактив агентлигининг расмий саҳифаларида ахборот бериб борилади ва Консультант томонидан жараёнда иштирок этган талабгорларнинг ҳар бирига тегишли жараён хати (Process Letter) орқали индивидуал равишда хабардор қилинади.

Дисклеймер

Давактив агентлиги сотиш жараёнининг кетма-кетлигини ўзгартириш ёки потенциал харидорга (харидорларга) сотишни ёки сабабларини тушунтирмасдан исталган вақтда улар билан музокара олиб боришни рад этиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.

Ушбу эълон ёки унинг мазмунининг бирон-бир қисми мазкур эълон чоп этилишидан келиб чиқиб тахмин қилиниши мумкин бўлган Давактив агентлиги ва “Portfolio investment”нинг Активни сотиш билан боғлиқ бирор-бир шаклдаги мажбурияти сифатида талқин қилинмаслиги керак. Давактив агентлиги ва “Portfolio investment” ўз хоҳишига кўра ҳар қандай вақтда ва ҳар қандай муносабатда, биргаликдаги ёки шахсий жавобгарликни ўз зиммаларига олмасдан:

(i) аризалар бериш муддатига ўзгартириш киритиш;

(ii) турли хил манфаатдор томонлар учун турли хил тартиб-қоидалар бўйича иш тутиш ва/ёки Давактив агентлиги ва “Portfolio investment” томонидан кўзда тутилган режа-жадвал ва тартиб доирасида исталган бошқа потенциал харидорни (харидорларни) олдиндан огоҳлантирмасдан чиқариб ташлаган ҳолда бир ёки бир нечта потенциал харидорлар билан музокаралар олиб бориш;

(iii) аниқ бир сабабга кўра сотиш жараёнини тўхтатиш;

(iv) ва/ёки исталган вақтда ва сабабларни тушунтирмасдан Савдога тааллуқли бўлган ҳар қандай потенциал харидор (харидорлар) билан ҳар қандай муҳокама ва музокараларни олиб бориш/тугатиш ҳуқуқларини ўзида сақлаб қолади.

8339 Чоп этиш