Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 21 апрелдаги “Бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини хатловдан ўтказиш ва улардан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарор билан “Бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини хатловдан ўтказиш ва улардан самарали фойдаланишни ташкил этиш тартиби тўғрисида” Низом тасдиқланди.
Шунингдек, қарор билан қуйидагилар белгиланмоқда:
давлат кўчмас мулк объектларидан самарали фойдаланиш ва биноларнинг ортиқча майдонлари мавжудлиги ҳолати Давлат активлари агентлигининг “Давлат мулки” ахборот тизимида тегишли ташкилотлар билан электрон ахборот алмашинуви орқали реал вақт режимида таҳлил қилинади ва мониторинги юритилади;
бўш турган бинолар биринчи навбатда оммавий савдоларга чиқарилиши учун хусусийлаштириш дастурига киритилади, бунда давлат ташкилотлари бўш турган бинони ўзида “сот ёки тушунтир” тамойили бўйича сақлаб қолади;
уч ойдан ортиқ бўш турган бинолар балансда сақловчилар билан келишилмаган ҳолда (ижтимоий соҳа объектлари ўз йўналиши бўйича) ижарага бериш учун “E-auksion” электрон савдо платформасидаги электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилади (ҳарбий, махсус мақсадлар учун мўлжалланган, яроқсиз ва қурилиши тугалланмаган объектлар бундан мустасно);
давлат кўчмас мулк объектларини текин фойдаланишга бериш бўйича шартномалар, шунингдек, уларни ижарага ёки текин фойдаланишга бериш бўйича тузилган шартномаларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёки уларни бекор қилиш фақатгина “online-ijara.uz” ахборот тизими орқали амалга оширилади;
Давлат активлари агентлиги ҳузуридаги Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш маркази аниқланган бўш турган бинолар тўғрисидаги маълумотларни хатлов якунлангандан сўнг ўн кун муддатда ўзининг расмий веб-сайтида эълон қилади.